Абу-Дабида ўтказилган UFC on ABC 9 турниридан сўнг MMAMania.com шарҳловчиси Адам Гиллен айрим жангчиларнинг кейинги рақиблари борасида ўз таклифларини билдирди. Унинг фикрича, энг енгил вазн тоифасида ғалаба қозонган қозоғистонлик Асу Алмабаев навбатдаги жангини ўзбекистонлик Рамазон Темировга қарши ўтказиши керак. Бу ҳақда Sports.kz хабар берди.

Асу навбатдаги жангини Рамазон Темировга қарши ўтказиши лозим. Аслида, бу турнирда унинг рақиби Рамазон Темиров бўлиши керак эди, бироқ Темиров жанг арафасида допинг-тестдан ўтолмади. Мен ҳали ҳам бу жанг ташкил этилишини истайман. Сабаби, Темиров тақиқланган моддани билмаган ҳолда қабул қилган. Бундай ҳолатлар ҳар доим баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Унинг қанча муддатга четлаштирилиши номаълум, лекин бу жангни барибир келажакда кўришни хоҳлайман, — дейди Адам Гиллен.
Ҳозирча UFC ташкилоти Алмабаевнинг кейинги рақибини расман эълон қилгани йўқ. Рамазон Темиров атрофидаги вазият эса мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун, Абу-Дабидаги турнирда Асу Алмабаев Рамазон Темировга қарши октагонга чиқиши керак эди. Аммо жанг арафасида ўзбекистонлик спортчида допинг аниқланди. Маълум бўлишича, Темировнинг Таиланддаги машғулотлари вақтида инфекцион яралар пайдо бўлган. Шундан кейин у дори ичган, аммо тавсия этилган дорида тақиқланган модда бўлгани учун допинг тестининг жавоби ижобий чиққан.
Шундан сўнг UFC on ABC 9 турнирида Алмабаевга перулик Хосе Очоа рақиблик қилди ва уч раунд давом этган жангда ҳакамларнинг бир овоздан чиқарган қарори билан қозоғистонлик спортчи ғалаба қозонди.
Изоҳ (0)