Ўзбекистонда илғор педагоглар ҳамда иқтидорли ўқувчиларга дам олиш масканларига бепул йўлланма берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 июлдаги тегишли қарори билан “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги дам олиш масканларига дам олувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, вазирлик тизимидаги дам олиш масканларига вазирлик тизими ходимлари, жумладан, педагог кадрлар ҳамда давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг (7-14 ёш) иқтидорли ўқувчиларини қабул қилиш тартиби белгиланди.
Дам олиш масканларида:
- вазирлик тизими ходимлари ҳамда илғор педагоглар учун — сентябрь–май ойларида;
- иқтидорли ўқувчилар учун — июнь–август ойларида 12 кунлик дам олиш кунлари белгиланади.
Йўлланмалар саралаш мезонлари асосида тақсимланади ҳамда энг юқори натижаларга эришган вазирлик тизими ходимлари, педагог кадрлар ҳамда иқтидорли ўқувчиларга кетма-кетлик асосида бепул йўлланма берилади.
Масканларда дам олувчи илғор педагоглар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
- халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
- ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;
- хорижий тил ва STEAM фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар (TESOL Level 5, CEFR B2, IELTS 6 ва ундан юқори, шунингдек, вазирлик томонидан белгиланадиган бошқа сертификатлар);
- асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
- республика босқичидаги кўрик-танловларда фахрли ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;
- олий ва биринчи малака тоифасига эга бошланғич синф ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари;
- асосий олимпиадаларнинг вилоят босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар.
Масканларда дам олувчи иқтидорли ўқувчилар (7-14 ёш) қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
- асосий олимпиаданинг учинчи ва тўртинчи босқичларида фанлар кесимида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;
- минтақавий халқаро олимпиадалар ғолиблари;
- нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган ўқувчилар;
- халқаро танлов, фестивал ва мусобақа ғолиблари;
- республика даражасидаги ташкилотлар томонидан ташкил этилган турли кўрик-танловлар ва мусобақаларнинг республика босқичи ғолиблари.
Дам олиш масканларида:
- маънавий-маърифий, кўнгилочар, соғломлаштириш, спорт, ўқув ва илмий-тадқиқот йўналишларида;
- иқтидорли ўқувчиларнинг туризм, спорт, техника, китобхонлик, маданият ва санъат йўналишларидаги қобилиятларини ривожлантириш мақсадида турли хил тадбирлар ташкил этилади.
Педагог кадрлар ҳамда иқтидорли ўқувчилар учун дам олиш масканлари фаолиятини ташкил этиш президентнинг 2024 йил июндаги қарорида белгиланганди. Ҳукумат қарори 2025 йил 30 июлдан кучга кирди.
Изоҳ (0)