Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе янги мавсумдан бошлаб жамоада 10-рақам остида ўйнашини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали расман тасдиқлади.

Франциялик футболчи ўзининг Х (собиқ Twitter) тармоғидаги саҳифасида “10” рақами тасвирланган постни жойлаб, Мадрид клуби сафида рақамни ўзгартириши ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди. Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Мбаппе “Реал”да 9-рақам билан майдонга тушган эди.
https://x.com/kmbappe/status/1948115351536820530?s=46
Аввалроқ бу рақам остида клуб афсонаси, хорватиялик ярим ҳимоячи Лука Модрич тўп сурган. У яқинда “Милан” клубига кўчиб ўтди ва натижада 10-рақам бўш қолган эди.
Маълумот учун, Килиан Мбаппе “Реал Мадрид” сафига 2024 йил ёзида қўшилган. У клуб билан аллақачон УЕФА Суперкубоги ва Интерконтинентал кубогини қўлга киритган. Ҳужумчи ўтган мавсум “қироллик клуби” таркибида 59 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 44 та гол ва 5 та голли узатма ёздириб қўйган.
Изоҳ (0)