Франциянинг “ПСЖ” клуби ёзги трансфер ойнасида йирик харид амалга ошириши мумкин. Парижликлар “Барселона” ярим ҳимоячиси Гави трансфери устида жиддий иш олиб бормоқда. Клуб футболчи учун 80 миллион евро миқдорида таклиф тайёрламоқда. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.

Манбага кўра, “ПСЖ” бош мураббийи Луис Энрикенинг шахсан ўзи Гавини Парижга олиб келишни истамоқда. У илгари Гавига Испания терма жамоасида мураббийлик қилган ва энди уни Париждаги янги лойиҳасининг муҳим қисми сифатида кўрмоқда.
Гави мураббийнинг ўйин фалсафасига тўлиқ мос келади. Агар у “ПСЖ”га ўца, жамоанинг марказий чизиғида асосий ролни бажариши кутилмоқда. У Фабиан Руиснинг ўрнини босувчи футболчи сифатида кўрилмоқда ва Жоау Невес ҳамда Витиня каби ярим ҳимоячилар билан ажойиб тандем ҳосил қилиши мумкин.
“Барселона” бу трансфер эҳтимолини рад этмаяпти. Гарчи Гави клуб билан 2030 йилгача амал қиладиган шартномага эга бўлса-да, молиявий муаммолар туфайли “кўк-анорранглилар” уни сотишга мажбур бўлиши мумкин.
Шунингдек, “Барселона” ярим ҳимоя чизиғида кучли рақобат мавжуд — Фрэнки де Ёнг, Педри, Фермин Лопес, Марк Касадо ва Дани Ольмо каби футболчилар асосий таркиб учун курашмоқда. Бу эса Гавининг ўйин амалиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумот учун, Гави ўтган мавсум “Барселона” сафида жами 42 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 3 та ассист муаллифи бўлган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 60 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)