Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйда бир хонадон қарзи туфайли бутун қаватда ичимлик суви ўчирилгани ҳақида хабар тарқалди. Бу бўйича “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ муносабат билдирди.

Воқеа Чилонзор тумани 19-даҳасидаги 10 уйда содир бўлгани айтилмоқда. Битта хонадон ичимлик сувидан қарздорлиги сабаб “Ўзсувтаъминот” ходими тўртинчи қаватдаги барча хонадонларни сувдан узиб қўйган. Яъни қарзи йўқ уй эгалари ҳам сувсиз қолдирилган. Ходим сувни ўчираётгани бўйича ҳеч кимни огоҳлантирмаган.
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов ҳолат юзасидан ташкилот муносабатини эълон қилди.
“Ҳолат ўрганилганда ҳудудий нозир битта хонадонга бир неча бор қарзни ундириш учун келган. Аммо бунинг уддасидан чиқолмаган. Қарздор хонадоннинг ўзини сувдан узишга эса имкон бўлмаган. Инспектор ўзбошимчалик билан йўлакдан бир неча хонадонга тортилган қувурни асосий тармоқдан узган. Бунинг натижасида сувдан қарздорлиги бўлмаган хонадонлар ҳам бир муддат сувсиз қолган ва ҳақли эътирозга сабаб бўлган. Ҳолат қисқа муддатда бартараф этилган. Инспектор ҳолат такрорланмаслиги бўйича қатъий огоҳлантирилган”, дея маълум қилган матбуот котиб.
Равшан Ёқубжонов муносабатга хулоса сифатида кинояли гаплар ёзган. “Нега сув таъминоти корхонаси ўз вазифасини бажарган ҳолда ҳақини олиш учун истеъмолчи билан мушук-сичқон ўйнаши керак”? Бу на меъёрга на виждонга тўғри келадиган ишми”, деб қайд этган у.
Ёқубов бундай фикрлар билан юқоридаги ҳолатни оқламоқчи эмаслиги, бироқ ҳар ким зиммасидаги вазифасини виждонан, қонунан бажариши лозимлигини эслатиб қўйган.
Изоҳ (0)