Имконияти чекланган шахсларни замонавий касбларга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Актёр” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Жорий йил 9 июнь куни вазирликнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими томонидан ишлаб чиқилган янги лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, актриса Раъно Шодиева иштирок этди. У “Актёр” лойиҳаси ҳақида фикр билдирар экан, уни ёшлар, хусусан, имконияти чекланганлар учун касбга йўналтирувчи муҳим қадам сифатида баҳолади.
Бундан асосий мақсад имконияти чекланган шахсларни актёрлик касбига ўқитишдир. Дастлабки жараёнда билим ва тажриба орттириш учун етарли шарт-шароит яратилади, сўнг вазирлик тизимидаги ташкилотлар билан ҳамкорлик асосида ишга жойлашишга ва иш шароитига мослашишга ёрдам берилади. Ишга жойлашгандан сўнг ҳам кузатув ташкил этилиб, ёшлар фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашилади.

Муҳокама иштирокчилари ушбу ташаббус илгари амалда бўлмаганини таъкидлаб, унинг ёш истеъдодларни юзага чиқаришда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Раъно Шодиева лойиҳа доирасида кўнгилли сифатида иштирок этишга тайёрлигини билдирди ҳамда барча ўқувчиларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Изоҳ (0)