Тошкентдаги автобусларнинг бирида аёллар ва эркаклар жойи ажратилганини тарғиб қилувчи қоғоз ёпиштирилгани акс этган сурат тарқалди. “Тошшаҳартрансхизмат” бунга муносабат билдириб, уни номаълум шахслар ёпиштириб кетганини билдирди.
Маълум қилинишича, автобусдаги кузатув камерасидан олинган тасвирларга кўра, уни 5 ноябрь куни 7-автобус саройи филиали тасарруфидаги, 34-сонли йўналишга бириктирилган автобусга икки йигит ёпиштирган. Йигитлар постерни телефонига суратга олган ва автобусдан тушиб кетган.
“Тошшаҳартрансхизмат” мазкур икки фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш ва қилган хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда уларга қонуний жазо чораларини қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллаган.
Шунингдек, қайд этилишича, юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча автобус ҳайдовчилари ва чиптачилари ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилмоқда, ҳайдовчи ва чиптачилардан янада ҳушёр ҳолда иш юритишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Самарқанддаги автобусда худди шундай қоғоз ёпиштирилганди. У олиб ташланиб, вилоят транспорт бошқармаси бундай ҳолат такрорланмаслиги учун ҳайдовчилар билан суҳбат ўтказганди.
2023 йилда ҳам Тошкентдаги автобусда шу каби ҳолат кузатилганди. Isuzu автобусига аёллар ва эркаклар ўтириши учун алоҳида жойлар ажратилгани ёзилган қоғоз ёпиштирилган. “Тошшаҳартрансхизмат” томонидан бу эълон зудлик билан олиб ташланган.
Изоҳ (1)
Bilasizki jamoat transportida odamlar bir biri bilan juda tiqilinch holda ketadi. Aslida mantiqan olib qaralsa, begona ayol va erkaklar(voyaga yetmagan o'g'il qizlar)ni aralashib, bir biri bilan jips holda noqulay vaziyatda ketganidan ko'ra ayol va qizlar bir tomonda erkak va o'g'il bolalar bir tomonda ketgani maqul. Axir qizingiz yoki ayolingizni bunday holda ketishini xohlamasangiz kerak albatta.
Jamoat transportida fuqarolar qayerda ketishi ularning ixtiyorida, shunday ekan targ'ibot qog'ozini tavsiyaviy o'rinda ham ishlatish mumkin. Masalan "ayollar old tomoda, erkaklar orqa tomonda o'tirishi tavsiya etiladi".