АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Сурияда Башар Асад режимининг ағдарилишига олиб келган сўнгги воқеалар ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Туркия жуда ақлли. Президент Эрдўғон жуда ақлли ва кучли шахс. Асад болаларга нима қилганини баҳоланг — у шафқатсиз қассоб, деди Трамп.
У журналистнинг “Суриядаги 900 нафар америкалик аскарни нима қиласиз?” деган саволига қуйидагича жавоб берди.
“Буни ҳал қилишнинг бошқа йўли бўлиши керак. Бир ечим Туркия. Қўшма Штатлар минтақада Туркия билан ҳамкорлик қилиши мумкин”, деди АҚШнинг сайланган президенти.
Туркиянинг “муҳим куч” эканини таъкидлаган Трамп, “Президент Эрдўғон мен билан яхши муносабатда бўлган одам. Унинг ҳарбий қудрати катта. Бу қудрат урушларда ҳам тугамади. У жуда кучли ва самарали армия тузди” деди.
Суриянинг калити Туркия қўлида бўлади, дея таъкидлади сиёсатчи.
У Туркия Сурияда ҳокимият тепасига келган қуролли мухолифат ортида турганини маълум қилди.
Суриядаги вазият
Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.
Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган.
Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.
10 декабрь куни Идлиб шаҳрида қўзғолончиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидение мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини айтди.
Изоҳ (0)