Исроил ҳукумати 20 июль куни Ғазо сектори марказидаги фаластинликларни эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Яҳудий давлати бу қарорни ҳудудда ҲАМАС жангариларига қарши тез орада бошланадиган ҳаракатлар билан изоҳлаган. Таъкидланишича, марказдаги фаластинликлар ва Дейр-эл-Бала ҳудудида яшаётган аҳоли зудлик билан эвакуация қилиниши лозим.
Аҳолига “хавфсизлик учун” Ўрта ер денгизи соҳилидаги Ал-Мавосий ҳудуди томон жанубга кўчиш буюрилган. Икки миллиондан ортиқ Ғазо аҳолисининг аксарияти уруш бошланганидан бери бир неча марта кўчишга мажбур бўлган. БМТнинг таъкидлашича, январь ойида Ғазо секторининг 80 фоиздан ортиқ ҳудудида эвакуация қилиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Исроил олдинроқ Ғазодаги минглаб фуқаролик объектларини бузишга киришганди. Хусусан сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар яҳудий ҳарбийлари бир қанча ҳудудларда катта миқдордаги вайронагарчиликлар содир этаётганини кўрсатган. Яҳудий давлати бу ҳаракатлар “оператив назорат остида” амалга оширилаётганини билдирган.
Изоҳ (0)