Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорвоқ сув омбори билан туташган тоғ ёнбағрида 31 июль куни ёнғин содир бўлди.

ФВВ матбуот хизмати берган дастлабки маълумотга кўра, соат 13:00 да “Бурчмулла” ўрмон хўжалигига қарашли қир адирликда қуруқ ўт ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Воқеа жойига Тошкент вилояти ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳамда Ўрмон хўжалиги ходимлари етиб борган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида, ёнғин таъсир ҳудуди 3-5 гектар атрофида экани тахмин қилинган. Ёнғин содир бўлган тоғли ҳудудга фақат пиёда, тоғ сўқмоқлари орқали бориш мумкин. Шунинг учун ҳудудга мудофаа вазирлигининг ёнғинни бартараф этишга мўлжалланган авиация кучлари чақирилган. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан барча куч ва воситалар сафарбар этилди.
ФВВ соат 16:41 да ёнғин қуршаб олинганини соат 17:12 да ўчирганини маълум қилди.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ва чўлланишга қарши курашиш агентлиги эълон қилган ахборотга кўра, ёнғин “Бурчмулла” давлат ўрмон хўжалигининг Чотқол ўрмон бўлимида келиб чиққан. Ёнғинни ўчиришга Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 60 нафар, Угом-Чотқол миллий табиат боғининг 10 нафар ҳамда Бўстонлиқ ФВБнинг 30 нафар ходимлари жалб этилди. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг 2 дона вертолёти ёнғинни бартараф этишга кўмаклашди.
24 июлда ҳам Бўстонлиқда — Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида ўрмон ёнғини юз берганди. Таҳминан 2 гектар майдонда қуруқ ўт ва шох-шаббалар ёнган. Соат 11 ларда бошланган ёнғин соат 17:57 да тўлиқ ўчирилган.
Изоҳ (0)