Самарқанднинг ёшига доир маълумотлар қайта кўриб чиқилиб, 3000 йил деб қайта баҳоланади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 24 июлда ўтказилган навбатдаги сессиясида қарор қабул қилинди.

“Самарқанднинг қадимий ўрни ва ёшини ўрганиш 150 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб, шаҳар дастлаб бундан 1500 йил олдин, кейинчалик 2000 минг йил, 1970 йилда 2500 йил олдин шаклланганлиги борасида хулосаларга келинган эди. 2000 йилларда эса Ўзбекистон—Франция қўшма экспедисияси янги маълумотларни аниқлади ва Самарқанд ёши 2750 йил деб тасдиқлади. Лекин бу ҳам якуний хулоса эмас ва шунинг учун шаҳарнинг хронологияси бўйича тадқиқотлар кейинги йилларда ҳам давом этиб келмоқда. Хусусан, жорий йилдаги қазишма маълумотлари Самарқанд шаҳридан 25 километр узоқликдаги Кўктепа ёдгорлигида 1993—2006 йилларда олиб борилган қазишма ишларининг таҳлили асосида мутахассислар томонидан янги қарашлар шаклланишига туртки берди”, деган сессияда сўзга чиққан Самарқанд Археология институти директори Мўминхон Саидов.
ЎзАнинг хабар беришича, 2025 йил бошида вилоят ҳокими ташаббуси билан Самарқанднинг тарихи, маданияти, меъморий ва археологик ёдгорликларини ўрганиш мақсадида ҳокимлик ҳузурида жамоатчилик кенгаши ташкил қилингандди. Таниқли тарихчи ва археолог олимлар, зиёлилардан иборат кенгаш аъзолари бир неча йўналишларда тадқиқот ишларини олиб боришга киришди.
Самарқанд шаҳрининг ёшига аниқлик киритишга масъул гуруҳ Афросиёб ва Кўктепа ёдгорликларида, ҳозирги Кўксарой майдони ўрнида бўлган Амир Темур аркида фанлараро тадқиқот усулларини қўллаш орқали комплекс қазув ишларини амалга оширди.
Ўзбекистон—Франция қўшма экспедисияси аъзолари томонидан шу вақтга қадар Кўктепа ва Афросиёбда топилган материалларни қайта таҳлил қилиш орқали Самарқанд шаҳрининг шаклланиш даври 3000 йилга тенг эканлиги борасида фикр илгари сурилди. Қайд қилинишича, милоддан аввалги I минг йиллик бошларида, яъни бундан 3000 минг йил олдин бу ерда шаҳар ҳокими қароргоҳи ва ибодатхонани ўз ичига олган йирик шаҳар шаклланган.
Сессияда Фанлар академияси, Самарқанд археология институти ва халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари бўйича Самарқанд шаҳрининг илк урбанизацияси милоддан аввалги II мингинчи йиллик охири ва I мингинчи йиллик бошларига тааллуқли эканлиги ҳақидаги тақдимот материалларини маълумот учун қабул қилиш, Афросиёб ва Кўктепа ҳудудларида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топилган осори-атиқалар, илмий маълумотлар ва ҳужжатларни тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Изоҳ (0)