Ғазо секторига Исроил томонидан рухсат берилганидан сўнг, бор-йўғи 73 та инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машинаси киритилган. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Маълум қилинишича, секторга қуруқлик орқали кўплаб давлатлар гуманитар ёрдам жўнатган. Аммо уларнинг баъзилари йўлда талон-торож қилинган ёки Исроил томонидан анклавга киришга рухсат берилмаган.
Ёрдам самолётдан парашютда туширилган ҳолатлар ҳам бўлган. Хусусан, 3 та самолёт ҳаводан ёрдам ташлаган. Уларнинг орасида Буюк Британия ва Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар мавжуд. Барча гуманитар ёрдам юклари жанговар ҳаракатлар кечаётган “қизил ҳудудлар”га киритилган, бу эса тинч аҳолига ёрдамни қўлга киритиш имконини бермаган.
“Бу — ҳақиқий масхарабозлик. Халқаро ҳамжамият ёлғон ваъдалар билан фалокатни яширмоқда”, дейилади Ғазо ҳукумати баёнотида.
Расмийлар чегараларни ҳеч қандай шартсиз очишни, озиқ-овқат, сув ва болалар бўтқаларининг зудлик билан киритилишини яна бир бор талаб қилмоқда. Фаластин томони маълумотига кўра, Ғазодаги 2,4 миллион аҳолининг зарур эҳтиёжларини қондириш учун кунига камида 600 та ёрдам машинаси керак бўлади.
Узоқ давом этаётган Исроил қамалидан сўнг секторда очарчилик кескин кучайган. Расмийлар ҳолатни “мисли кўрилмаган даражадаги инқироз” деб атамоқда. Маълумотларга кўра, анклавда уруш бошланганидан буён очарчилик сабаб 133 киши, жумладан 87 нафар бола ҳаётдан кўз юмган. Ғазо ҳукумати Исроилни ҳудудда атайлаб очарчилик ва бетартиблик келтириб чиқарганликда айбламоқда.
“Фожиавий очарчилик бутун Ғазо аҳолиси, жумладан 1,1 миллион боланинг ҳаётига хавф солмоқда”, деган Ғазо расмийлари.
Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрда уруш бошланганидан бери деярли 60 минг фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга қарши Ғазодаги уруш жиноятлари учун ҳибсга олиш ордери чиқарган. Бундан ташқари, ушбу суд Исроилга қарши геноцид ишини ҳам кўриб чиқмоқда.
Изоҳ (0)