Қирғизистонда гўшт нархлари давлат томонидан тартибга солинади. Тегишли қарор сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бакит Торобоев раислигида ўтган йиғилишда қабул қилинди. Бу ҳақда 24.кг нашри хабар берди.

Расмийларга кўра, ушбу чора-тадбирлар гўшт нархининг кескин ошишининг олдини олиш, чорва молларининг чегарадан ноқонуний олиб чиқилишига қарши назоратни кучайтириш, чорва экспортига миқдорий чекловлар жорий этиш учун амалга оширилмоқда.
Антимонополия хизматига мамлакат бўйлаб гўшт нархларини доимий мониторинг қилиш ва таҳлил этиш топширилган. Хусусий тадбиркорлар устидан ҳам ветеринария-санитария назорати кучайтирилади. Чегарадаги контрабанда ҳолатларининг олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар кўрилади.
Қирғизистонда гўшт нархлари қандай?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистонда гўшт нархлари ошишда давом этмоқда. 29 июль ҳолатига кўра, мол гўштининг энг юқори нархи Норин шаҳрида қайд этилган. Бу ерда 1 кило мол гўшти ўртача 700 сом (тахминан 100 минг сўм) атрофида сотилмоқда.
Қўй гўшти энг қиммат бўлган ҳудудлар — Норин ва Раззақов, бу ерда ҳам нарх 1 кило учун 700 сомни ташкил этади. От гўшти эса Ўзган ва Тўқмоқ шаҳарларида қиммат — ўртача 650 сом (тахминан 94 минг сўм) дан сотилмоқда.
Ўзбекистонда 2025 йил июнь ойида йиллик инфляция даражаси 8,7 фоизни ташкил этди. Бу даврда қўй гўшти 32 фоизга, мол гўшти эса 30,5 фоизга қимматлашди.
Изоҳ (0)