Ўзбекистонда хусусий олий таълим муассасаларига лицензия бериш тўхтатилган. Бу ҳақда YouTube'даги “Лолазор” подкастида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов маълум қилди.
Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, айрим хусусий ОТМлари қўйилган талабларни бажара олмаяпти. Шунинг учун бошқаларга лицензия бериш номаълум муддатга тўхтатилган.
“Ҳозир бор университетлар билан таълим сифати бўйича ишланяпти. Ҳар бир ОТМга нечта ўрин бўлиши кераклиги ва бошқа масалаларда қўйилган талаблар мавжуд. Барча ОТМлар текширувдан ўтказиляпти. Қайси бир хусусий ОТМда салоҳият етмай, ҳажм бўйича муаммолар бўлса, унга хат юборилиб, маълум вақт давомида камчиликларини тўғрилаши айтилмоқда. Тўғриласа, унинг фаолиятига ҳалал берилмаяпти. Талабга жавоб бермаса, судга бериляпти. Бешта ОТМ судга берилди. Суд жараёнида улар ўзларини оқласа, лицензиясини сақлаб қоляпти. Талабга жавоб бермаётган бўлса, уни ёпилиши бўйича қарор чиқариляпти”, деди вазир.
Қўнғиротбой Шариповнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда фақат хусусий ОТМларга эмас, балки давлат ОТМлар учун ҳам талаблар кучайтирилган.
“Давлат ОТМларини ҳам текширувдан ўтказиб турамиз. Кўп давлат ОТМларида ҳам талабга жавоб бермайдиган йўналишлар ёпилади. Хусусийларда ҳам худди шундай, талабга жавоб бермаган йўналишлари ёпилиши мумкин”, деди вазирлик раҳбари.
Қўнғиротбой Шарипов фикри давомида ҳозир Ўзбекистон ОТМлари учун ўтиш даври эканини айтиб, хусусий университетларга лицензия бериш бутунлай эмас, вақтинча тўхтатилганини эслатди.
Изоҳ (0)