Ўзбекистонда электр энергияси ортиқча ҳисобланаётганини ўрганиш учун тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда ҳисоблагичларнинг электр қувватини ортиқча ҳисоблаётгани ва бу қўшимча харажатларга сабаб бўлаётгани юзасидан истеъмолчилар томонидан мурожаатлар тарқалиб, кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қўмита матбуот хизматининг билдиришича, тезкор ишчи гуруҳ мазкур ҳолатларни жойларга чиққан ҳолатда ўрганиб, муаммоларни манзилли ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ таркибига Рақобат қўмитаси билан биргаликда, “Ўзэнергоинспекция”, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ вакиллари жалб қилинган.
Ушбу ҳолатларни ўрганиш давомида аниқланадиган камчиликларни бартараф этиш бўйича қонуний чоралар кўрилиши таъминланади.
Юқоридаги каби муаммоли ҳолатлар мавжуд бўлиб ўз ечимини топмаётганлигидан норози фуқаролар Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига ёки Telegramъда @rquzBot орқали мурожаат қилиши мумкин.
Изоҳ (0)