Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинага фақат битта шарт билан “мавжуд бўлиш” ҳуқуқи берилишини айтди. У мазкур шарт Россия аннексия қилган ҳудудлардан воз кечиш ҳисобланишини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин айнан шу талабни урушни тўхтатиш шарти сифатида илгари сурган эди.
Украина одамларни қўйиб юборса, мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Улар “террорчилар”, “махлуқлар” деб атаётган, Новороссия, Донбасс ва Қримда ўтказилган бир нечта референдумларда ўзларини рус маданиятига мансуб деб ҳисоблаган одамларни қўйиб юборса, деди Лавров.
Россия ташқи ишлар вазири, шунингдек, Украина ҳукумати гўё “барча русларни йўқ қилишни” ўз олдига мақсад қилиб қўйганини даъво қилди. Украинага бериладиган ҳар қандай хавфсизлик кафолатлари “Россиянинг асосий манфаатларини” инобатга олиши кераклигини айтди.
Эслатиб ўтаман, Украина томони 2022 йил апрель ойида ушбу урушга чек қўйиши мумкин бўлган ҳужжатни тақдим этишга рози эди. У Украинанинг бетараф, блокларга қўшилмайдиган, ядросиз давлат бўлиши ҳақидаги баёнот билан бошланарди, деди вазир.
У президент Владимир Зеленскийни “амалдаги режим бошлиғи” деб атаган, бироқ унинг қонунийлигига шубҳа билдирган. Лавровнинг таъкидлашича, “Украина Конституциясига мувофиқ” Зеленскийнинг президентлик ваколати тугаган. Шунга қарамай, Путин Украина раҳбари билан “учрашишга тайёр”лиги, аммо ҳужжатларни имзолаш учун “қонуний шахс имзо қўйиши кераклиги”ни таъкидлаган.
Лавров, бундан ташқари, Россия “ҳеч қачон ва ҳеч қандай вазиятда” тинч аҳолига қарши ҳужум қилмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россия разведкасида “ишончли маълумотлар” мавжуд ва ҳужумлар гўёки фақат ҳарбий объектлар ҳамда қурол-яроғ ишлаб чиқаришга алоқадор корхоналарга қаратилган.
Маълумот учун Украинада 2023 йил октябрь ойида Олий Рада депутатлари учун, 2024 йил мартида Украина президентлиги учун сайловлар, 2025 йилнинг октябрь ойида эса маҳаллий сайловлар ўтказилиши керак эди. Украинадаги ҳарбий ҳолат туфайли улар ўтказилмади. Мамлакат Конституцияси ҳарбий ҳолат пайтида президентлик сайловларини ўтказишни тўғридан тўғри тақиқламайди. Бироқ бундай тақиқ “Ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режими тўғрисида”ги қонун даражасида белгиланган.
Россия президенти Владимир Путин бир неча бор музокаралар “қонунийлигини йўқотган” Украина давлат раҳбари билан ўтказилмаслигини даъво қилганди. Чунки Путиннинг фикрича, Владимир Зеленский “ноқонунийлиги туфайли ҳеч нарса имзолашга ҳақли эмас”.
Изоҳ (0)