“Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Савинё фаолиятини Англия Премьер Лигасининг бошқа клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Бразилиянинг Globo нашри хабар берди.

Манбага кўра, футболчига Лондоннинг “Тоттенҳэм” жамоаси жиддий қизиқиш билдирмоқда. Клуб раҳбарияти 21 ёшли бразилиялик вингер учун тахминан 80 миллион евро тўлашга тайёр.
Футболчининг ўзи ҳам трансферга қарши эмас. Сабаби “Манчестер Сити”нинг ярим ҳимоя чизиғида кучли рақобат мавжуд. Савинё эса 2026 йилда АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати олдидан доимий ўйин амалиётига эга бўлишни ва Бразилия терма жамоаси таркибидан ўрин эгаллашни истамоқда. Шу сабабли у бошқа клубга ўтиш вариантини инкор этмаяпти.
“Тоттенҳэм” бош мураббийи Томас Франк Савинёнинг трансферини қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда музокаралар бошланган ва яқин кунларда расмий қарор эълон қилиниши мумкин.
“Манчестер Сити” футболчининг трансферига қарши эмас. Клуб Савинёнинг трансферидам тушган маблағни “Реал” вингери Родригони сотиб олишда фойдаланмоқчи.
- Ўтган мавсумда Савинё “Манчестер Сити” сафида жами 48 учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 13 та голли узатма муаллифига айланган.
- Футболчининг “шаҳарликлар” билан шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади.
- Transfermarkt портали бразилиялик вингернинг қийматини 50 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)