Саудия Арабистонидаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказда бўлган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Келтирилишича, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Саудия Арабистонидаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларидан бирида бўлган ўзбекистонлик Н.Ҳ. ватанга қайтарилди. У жорий йилнинг 25 июнь куни Баҳрайндан туристик виза асосида Ар-Риёз шаҳрига келган ва 8 июль куни “Ал-Масиф” департаменти томонидан қўлга олинган.
Марказ раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида уни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида келишувга эришилди. Шундан сўнг, хорижга чиқиш паспорти йўқолгани сабабли унга элчихона томонидан Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилиб берилди.
Унинг Ўзбекистонга қайтиши учун барча авиачипта харажатлари Саудия Арабистони томонидан қопланди.
Ўзбекистонда жорий йил 30 июлдан 30 августгача “Ватанга қайтариш” хайрия гуманитар акцияси амалга оширилмоқда. Акция доирасида Саудия Арабистонида оилавий зўравонлик қурбони бўлган ўзбекистонлик ватанга қайтарилган эди.
“Ватанга қайтариш” хайрия акциясидан чет элларда оғир шароитда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш мақсад қилинган. Режага асосан, аввало Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болалар ватанга қайтарилади.
Хорижда оғир молиявий аҳволда қолган фуқаролар консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналари хулосаси асосида Ўзбекистонга олиб келинади. Ватанга қайтарилган фуқароларни самарали реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Улар давлат томонидан тақдим этилаётган мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Фуқароларни қайтариш билан боғлиқ транспорт харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ (0)