Қозоғистон нефть маҳсулотларининг ноқонуний ўтказилишини тўхтатиш мақсадида давлат чегарасидаги назоратни кучайтиради. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ички ёнилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) бозоридаги вазиятга бағишланган йиғилишда маълум қилган.

Йиғилишда ички бозорни ЁММ билан барқарор таъминлаш ва чегараолди ҳудудларда нефть маҳсулотлари айланмаси устидан назоратни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.
“Йиғилиш якунида бош вазирнинг биринчи ўринбосари масъул давлат идораларига нефть маҳсулотларининг ноқонуний ўтказиб юборилишига йўл қўймаслик бўйича батафсил режа ишлаб чиқиш ва давлат чегарасидаги назоратни кучайтириш, жумладан, ҳудудларда юклар ҳаракати ва ёнилғи истеъмолини кузатиб бориш топшириғини берди”, дейилади хабарда.
Скляр давлатнинг энг муҳим вазифаси ички эҳтиёжларни таъминлаш эканлигини таъкидлаган.
“Нархлардаги фарқлар ва логистика тақчиллик юзага келиши учун шароит яратмаслиги керак”, деб қайд этилган хабарда
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда бозордаги вазият барқарор, зарур миқдорда ёнилғи захираси мавжуд.
Изоҳ (0)