Ўзбекистон Суперлигаси 19-тури доирасидаги навбатдаги баҳс Қаршидаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтди. Унда “Насаф” Ғузорнинг “Шўртан” клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашув кескин курашлар остида бошланди. “Насаф” ўйин фаворити бўлса-да, меҳмонлар муносиб қаршилик кўрсатди. Биринчи бўлимда ҳар икки жамоа бир нечта хавфли вазиятлар яратди, бироқ ҳисоб очилмади.
Иккинчи таймда “Насаф” сафида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Шундан сўнг мезбонлар ҳужумкорликни кучайтирди. 61-дақиқада Шароф Муҳиддинов ўйиндаги ҳисобни очди. Орадан беш дақиқа ўтиб, иккинчи бўлим бошида захирадан майдонга тушган Шерзод Насруллаев таблодаги натижани 2:0 кўринишига келтириб қўйди. Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам қизиқарли ўтди, аммо мухлислар бошқа голларга гувоҳ бўлмади.
Мазкур ғалабадан сўнг “Насаф” очколарини 40 тага етказди ва онлайн турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилди. Атиги 10 очкога эга “Шўртан” эса турнир жадвалининг сўнгги поғонасида қолмоқда.
Ўзбекистон Суперлигаси
19-тур
16 август, шанба
“Насаф” — “Шўртан” 2:0
Голлар: 1:0 — Муҳитдинов (61), 2:0 — Насруллаев (66)
Изоҳ (0)