Грецияда сўнгги 4 кун ичида жами 242 та ўрмон ёнғини рўй берди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб, Anadolu хабар берди.

Греция Ёнғин хизмати офицерлари ассоциацияси раиси Костас Цигаснинг маълум қилишича, мамлакатда кузатилаётган иссиқ ҳаво ва кучли шамол ёнғинларнинг янада тез тарқалишига сабаб бўлмоқда.
“Сўнгги кунлар ёнғин хизмати учун ниҳоятда оғир бўлди. Глобал иқлим инқирози бизнинг мамлакатимизга ҳам, бутун дунёга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу шароитлар ёнғинларнинг кенг тарқалишига ва табиий бойликларимиз хавф остида қолишига сабаб бўлмоқда”, деди Цигас.
Маълум қилинишича, Патра шаҳри, Закинф ороли ва Яннинада ёнғинлар юзасидан қатор ҳибсга олишлар амалга оширилган. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан буён Грецияда 320 киши ёнғин чиқаргани учун ҳибсга олинган, улардан 40 нафари атайлаб ўрмонларга ўт қўйган.
Маълумот учун, Греция Европанинг энг ёнғин хавфи юқори бўлган давлатларидан бири ҳисобланади. 2021 йилда мамлакат тарихидаги энг йирик ёнғинлардан бири қайд этилган ва минглаб гектар ўрмон ҳамда юзлаб уйлар зарар кўрган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобал исиш туфайли келажакда ҳам бундай фавқулодда вазиятлар кўпайиши мумкин.
Изоҳ (0)