Наманган вилоятида оила ва маиший соҳа билан боғлиқ жиноятлар долзарб бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда 14 август куни Поп туманида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши сайёр мажлисида маълум қилинган.

Мажлисда Наманган вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳолати кўриб чиқилган.
2024 йилда вилоятда жами 8 204 та жиноят қайд этилган. Уларнинг 35 фоизи кибержиноятлардир. 2025 йил январь июль ойларида эса ҳудудда 5 786 та жиноят содир қилинган. Шундан 45,6 фоизи кибержиноятлар ҳисобланади.

Йиғилишда жиноятларнинг катта қисми олди олиниши мумкин бўлган туркумга кириши билдирилган. Уларнинг асосий сабаблари орасида аҳоли мулк хавфсизлигига бепарволик, етарли даражада профилактика тадбирларининг йўлга қўйилмагани ва ижтимоий муҳитдаги салбий омиллар кузатилган.
“Оила ва маиший соҳа билан боғлиқ жиноятлар ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. 2025 йил дастлабки етти ойида қотилликларнинг 60 фоизи, тан жароҳати етказиш жиноятларининг эса бешдан икки қисми оилавий низолар сабабли содир этилган”, дейилади Сенат матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Жорий йил ўтган даврида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони умумий ҳисобда пасайган бўлса-да, Учқўрғон, Поп, Наманган ва бошқа туманларда ушбу кўрсаткич ошган. Ҳудудда “Қизил” ва “сариқ” тоифадаги хавфли маҳаллалар сони юқорилигича қолаётгани таъкидланган. Жами 21 та маҳалла уч йилдан буён “қизил” тоифадан чиқмаган.
-AuqSD9FC.avif)
Мажлисда вилоятда коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Ўтган даврда аниқланган коррупцион жиноятларнинг асосий қисмини ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш ҳолатлари ташкил этган.
Бандлик, соғлиқни сақлаш, банк, қурилиш каби бир қатор соҳаларда жами 85 та коррупцион жиноят фош этилган бўлиб, уларнинг катта қисми бевосита мансабдор шахсларнинг ноқонуний фаолияти билан боғлиқ. Айрим давлат хизматчиларининг қонунга зид равишда тадбиркорлик билан шуғуллангани ҳам аниқланган.
Изоҳ (0)