Давлат хавфсизлик хизмати Россиядаги ўзбекистонликларни А.У.Й. деб аталувчи жиноий ҳаракатдан огоҳ бўлишга чақирди.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда ёшлар орасида турли жиноий гуруҳ ва субмаданиятларнинг таъсири кескин ошмоқда. Шулардан бири – А.У.Й. деб аталувчи жиноий ҳаракат бўлиб, у нафақат ўсмирларни, балки чет элга, айниқса Россияга бориб ишлаётган фуқароларимизни ҳам ўз домига тортаётгани билан жиддий хавотир уйғотмоқда.
“А.У.Й. ёшлар ва меҳнат муҳожирлари ҳаётини вайрон қилувчи хавфли тузилма. Нафақат ота-оналар, балки меҳнат муҳожирларини ҳам огоҳликка, ҳаёти ва эркинлигига бефарқ бўлмасликка чақирамиз”, дейилади ДХХ хабарида.
А.У.Й. ўзи нима ва у қаерда шаклланган?
А.У.Й. (“Арестанцкий уклад един” — “Маҳбуслар қоидаси ягона”) — Россияда пайдо бўлган бўлиб, у ерда жиноятчиликнинг алоҳида шакли сифатида эътироф этилган хавфли ҳаракатдир. У “ўғрилар қонунлари”ни идеаллаштириб, қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга сингдиришни мақсад қилган. Россияда бу ҳаракат 2020 йилда расман экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган, унинг фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон фуқаролари нима учун огоҳ бўлиши керак?
ДХХ хабарида айтилишича, бу тузилма таъсири Россияда вақтинчалик ишлаб юрган айрим Ўзбекистон фуқароларига ҳам етиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида ва расмий манбаларда қайд этилишича, сўнгги йилларда бир нечта ўзбекистонликлар А.У.Й. ҳаракатини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.
“Бу ҳолат нафақат уларнинг эркинлигига, балки Ўзбекистон фуқаролари имиджига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.
А.У.Й. қандай тарғиб қилинади?
Гуруҳ аъзолари асосан интернет орқали — ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видеоплатформаларда ўз сафларига одам жалб қилади. Шунингдек, улар меҳнат муҳожирлари орасида ҳам “братва”, “обшак”, “закон по понятиям” каби иборалар орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилади.
Бу ҳаракатига алоқадорлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Россия қонунчилигига мувофиқ, А.У.Й. ҳаракатларига алоқадорлик учун 300 минг рублдан 600 минг рублгача жарима, ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнат (ахлоқ тузатиш) ишларига жалб этиш, ёхуд 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Ишсизлик, депортация, инсоннинг ҳуқуқий мақоми, эркин ҳаракат қилиш ва оила келажагини хавф остига қўяди.
Ота-оналар ва фуқароларга мурожаат. Фарзандларингиз кимлар билан гаплашмоқда? Россияда меҳнат қилаётган танишларингиз, қариндошларингиз атрофида кимлар бор? “Закон по понятиям”, “обшак”, “смотряший” каби атамаларни эшитдингизми? Бу каби белгиларни жиддий қабул қилинг. Ҳар бир кечиктирилган сўз — эртага фожиага айланиши мумкин, дея огоҳликка чақирди ДХХ.
ДХХ А.У.Й. бу фақат Россияда эмас, балки хорижда меҳнат қилиб юрган ўзбекистонликлар учун ҳам реал таҳдид эканини яна бир бор билдириб, фуқароларни бу тузилмадан огоҳ бўлишга ундади.
Изоҳ (0)