Жанубий Кореяда K-pop санъаткорлари, яъни айдоллар, кўпчилик кўз ўнгида гўзаллик ва мукаммаллик тимсолига айланган. Уларнинг анимелардаги каби чиройли юзи, идеал қоматига миллионлаб ёшлар ҳавас қилади. Аммо туғма гўзаллик каби кўринган бу ташқи кўриниш ортида узоқ тайёргарлик, жисмоний меҳнат ва, албатта, пластик жарроҳлик туради.

Бугунги кунда Сеул дунёдаги пластик операциялар марказига айланган. Айнан шу ерда K-pop айдоллари ўз ташқи кўринишларини “стандарт” даражага олиб чиқади.
“Айдол” (инглиз тилидаги “idol” сўзидан олинган) — корейс маданиятида, хусусан, K-pop саноатида машҳур бўлган ёш қўшиқчилар, раққосалар ва актёрлар бўлиб, улар одатда махсус агентликлар томонидан болалигидан тайёрлаб борилади, кейин эса саҳнага чиқиб, миллионлаб мухлислар қалбини забт этади.
Нега K-pop юлдузлари пластик операция қилдиради?

Фото: ABC News
Кореялик хонандалар ва актрисалар одатда жуда эрта — 15-18 ёш оралиғида пластик жарроҳликка мурожаат қилишади. Бу даврда улар ҳали расман шоу-бизнес соҳасига кирмаган ўқувчи мақомида бўлишади. Аксарият ҳолларда бу ташаббус уларнинг продюсерлари ёки агентликлари томонидан берилади. Ҳатто баъзида бундай операциялар шартномага киритилади ва компания харажатларни қоплаб беради. Кейинчалик эса бу сумма айдолнинг келажакдаги даромадидан ушлаб қолинади. Бошқача айтганда, бўлажак айдоллар гўзаллик учун ўзига хос “кредит” олишади.

Баъзида бўлажак K-pop юлдузлари жарроҳларга ўз ҳисобидан мурожаат қилишади. Бироқ бу ҳолатда ҳеч ким уларнинг машҳур бўлишига кафолат бермайди. Албатта, айдоллар орасида ҳеч ким ташқи кўринишини бутунлай ўзгартириб юбормайди. Буни таниқли кореялик пластик жарроҳлар ҳам тасдиқлайди. Одатда юздаги бир нечта детал ўзгаради.
Энг кўп операция қилинадиган жойлар бу кўзлар, бурун ва ияк ҳисобланади. Кўпгина эстрада юлдузлари туғилишдан жозибали ташқи кўринишга эга бўлишади, шунинг учун уларнинг юзлари фақатгина бир оз “сайқалланади”. Қолган нуқсонлар, масалан, ёноқ ва лаб шакллари эса контурли, яъни операциясиз эстетик муолажалар орқали тузатилади.

Фото: Hub Pages
Одатда жанубий кореялик юлдузлар, энг аввало, тишларнинг нотўғри кўриниши ва тишламни тузатади. Бунинг учун улар брекет тақишади. Масалан, актёр Ю Син Хо, TVХQ! гуруҳининг қўшиқчиси Юнхо, актрисалар Пак Бо Янг ва айдол Гу Харанинг чеҳраси айнан шу тарзда ўзгарган.
Гу Хара фақат тишларини эмас, балки қовоқ шаклини ҳам блефаропластика орқали ўзгартирган. Буни хонанданинг агентлиги талаб қилган.

Фото: CNN
Six Bomb гуруҳи аслида машҳурликка эришмаган, оддийгина аёллар квартети эди. Аммо улар Кореяда шов-шув бўлган бир эълон орқали машҳур бўлиб кетишди: гуруҳнинг барча тўрт аъзоси дебютдан кейин пластик операция қилдирганини очиқ айтишди.

Фото: Sky News
Қизлар клиникадаги жараённи ва операциядан кейинги ҳолатларини видеога олишди. Уларнинг бундай ростгўйлик “пиари” туфайли гуруҳ ҳақида кўпроқ гапира бошлашди. Ҳатто хорижлик блогерлар ҳам бу “тўртлик операцияси” ҳақида фикр билдирди. Шу тариқа Six Bomb гуруҳи кутилмаганда машҳур бўлиб кетди.
Айдоллар энг кўп мурожаат қиладиган пластик операциялар

- Кўзлар билан боғлиқ жарроҳликлар
Кореяда икки қаватли, яъни “европача” қовоқлар чиройли деб ҳисобланади. Пул бўлмаса, вақтинчалик қовоқларни тепага кўтарувчи махсус лентачалардан фойдаланишади, лекин охир-оқибат барибир кўпчилик блефаропластика — қовоқ олдириш операциясига мурожаат қилади.
- Ринопластика — бурун шаклини ўзгартириш
Кенг ва катта бурун Кореяда хунук ҳисобланади. Идеал вариант бу ингичка ва қиррали бурундир. Уни фақат операция билан эмас, балки контурли макияж ёрдамида ҳам чиройлироқ кўрсатиш мумкин. Ринопластика ҳам аёллар, ҳам эркаклар орасида машҳур.
- Пастки жағни “арралаш”
Юз тузилиши чиройли овал ва озғин кўриниши учун жағ суяги ҳақиқатан ҳам кесиб ёки “йўниб” кичрайтирилади. Чунки Жанубий Кореяда идеал юз шакли юракка ўхшаш: юқориси кенг, пастки қисми эса тор бўлиши керак. Бунга қўшимча равишда ёноқ суяклари ҳам озгина ўзгартирилади, яъни силжитилади.
- Лабларни катталаштириш
Айдол лаблари бир оз қалин, қирмизи ва жозибали кўриниши керак. Бунинг учун ҳам пластик операция, ҳам филлерлар (гиалурон инексиялари) ишлатилади. Аммо Кореяда жуда катта ва меъёрдан кўп шиширилган лаблар чиройли ҳисобланмайди. Барчаси нафис ва табиий кўринишда бўлиши керак.
- Ортиқча ёғлардан халос бўлиш
Кореяда, айниқса, айдоллар орасида, ҳали бодипозитив ғояси (танани борича қабул қилиш) унчалик ривожланмаган. Шу сабабли липосакция (ортиқча ёғни олиб ташлаш) ва липомоделлаштириш (танага шакл бериш) каби амалиётлар бажарилади ва қўшимча равишда қаттиқ парҳезга амал қилинади.
Айдоллардек идеал ташқи кўриниш учун қанча пул сарфланади?

Эстетик тиббиёт бозорида йиллар сайин кўпроқ ёш шифокорлар пайдо бўлмоқда — улар пластик жарроҳлик учун қулай нархларни таклиф этади, ҳатто айримлари портфолиоси учун операцияни текин қилиб беришга ҳам тайёр. Аммо клиникалардаги нархлар ўртасидаги фарқ ҳақиқатда ҳайратланарли. Мисол учун:
- Юқори қовоқни блефаропластика қилиш тахминан 400 доллардан бошланиб, 4500 долларга етиши мумкин. Бу нарх клиника обрўсига ва жарроҳнинг маҳоратига боғлиқ.
- Бурун шаклини ўзгартириш — ринопластика нархи 2000 доллардан 20 минг долларгача боради.
- Жағни торайтириш хизмати 2800 доллардан бошланади. Баъзан бу амалиёт билан бирга ёғ тўқимасини олиб ташлаш ёки қўшиш каби қўшимча жараёнлар ҳам керак бўлади. Бундай комплекс жарроҳлик нархи эса камида 20 минг доллардан бошланади
- Энг арзон амалиётлардан бири бу лабни катталаштиришдир. Кореяда 700–1700 долларга филлер қуйиш мумкин.
- Энг қийин ҳисобланадиган амалиётлар эса липосакция ва липомоделлаштиришдир, чунки бу ерда нарх тананинг жарроҳлик қилинадиган жойлар сонига қараб ўзгаради. Масалан, “бодйлифт + липосакция” тўплами учун 57 000 доллар харажат қилиш мумкин.
- Юз учун комплекс амалиётлар ҳам мавжуд. Масалан, фейслифтинг + блефаропластика + липофиллинг тўплами ўртача 34 000 доллар) туради.
Изоҳ (0)