Тошкент вилояти Бекобод туманида табиатга қарийб 17 миллиард сўм зарар етказилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Келтирилишича, Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Бекобод туманида навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида ҳуқуқбузарлар Ф.Т. ва У.Қ. томонидан Бекобод тумани “Ачамайли” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси ўзанидан юк автомобили ҳамда махсус юкловчи транспорт воситаси ёрдамида ноқонуний равишда қум-шағал аралашмаси ортиб, олиб чиқиб кетилаётгани аниқланди.
Бу билан президентнинг 2024 йил 1 январдаги “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги 14-сон фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 ноябрдаги 666-сонли қарори билан тасдиқланган “Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг тегишли бандига асосан ҳисобланганда табиатга 16 миллиард 912 миллион 862 минг 600 сўм зарар етказилган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилди. Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Дарёлар ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган
Президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга 2024 йил 1 майдан муддатсиз мораторий жорий қилинди. Ноқонуний қазиб олиш ишлари натижасида табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди.
Шунга қарамай, ноқонуний қум-шағал қазиб олиш давом этмоқда. 12 февраль куни Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида табиий қум хом ашёсини ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари фош этилди. Тошкент вилояти Бекобод туманида ноқонуний равишда қум қазиб олиниши оқибатида табиатга 100 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди.
13 январда Самарқанднинг икки ҳудудида қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 826 миллиард сўм зарар етказилганди.
25 апрелда Тошкент вилоятида қум-шағални ноқонуний ортганлар 4 млрд сўм тўлаши ҳақида хабар берилганди.
30 майда Зарафшон дарёсидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олган шахсга чора кўрилганди.
Изоҳ (0)