Аргентина ҳукумати аҳолининг шикоятларидан сўнг Colgate Total Active Prevention Clean Mint тиш пастасининг истеъмоли, тарқатилиши ва реклама қилинишини тақиқлади. Бу ҳақда Дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий технологиялар сифатини назорат қилиш миллий бошқармаси (ANMAT) хабар берди.

Истеъмолчилар тиш пастасидан фойдалангач оғиз бўшлиғи тўқималарида таъсирланиш, яллиғланиш, пуфакчалар, яралар, ачишиш, шиш ва оғриқ пайдо бўлаётганидан шикоят қилган. Ҳозиргача аҳолидан 19 та расмий мурожаат келиб тушган. Уларнинг барчаси айнан ушбу маҳсулот турига тегишли эканини билдирган.
ANMAT бу ҳолатни назоратга олишини маълум қилган. Ташкилот аҳолини тиш пастасидан кейин юзага келадиган ҳар қандай нохуш аломатлар ҳақида хабар беришга чақирган.
Бу Colgate тиш пастаси атрофидаги илк можаро эмас. 2025 йил май ойида Бразилияда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди. Мамлакатнинг Анвиса миллий соғлиқни сақлаш органи Colgate тиш пастасининг Total Clean Mint деб номланган турини тақиқлаган. Бунга тиш милкининг қичишиши, ачишиши ва шишиши, шунингдек, паста қўлланилгандан кейин оғриқли яралар ҳақидаги шикоятлар сабаб бўлган.
Паста Бразилияда 2025 йил март ойида сотувдан олиб ташланган, дастлаб ишлаб чиқарувчи компания апелляция берган, аммо кейинчалик уни қайтариб олган. Натижада Colgate бу маҳсулотни Бразилия бозоридан бутунлай олиб чиқишга қарор қилган.
Изоҳ (0)