Хонанда Дилноза Исмияминова “Миллий” телеканалининг “Аёл қалби” кўрсатувига берган интервьюсида ҳаёти, ижоди ва инсоний кечинмалари ҳақида гапириб берди.

Санъаткорнинг ҳаётида оғир даврлар бўлган. Айниқса, яқинларининг хиёнати унга кучли таъсир қилган.
Менинг соғлигимга жуда қаттиқ таъсир қилди. Чунки ҳаммасини ичимга ютаман. Дўстларимнинг хиёнати сабаб одамларни борича қабул қилишни ўргандим. Уларнинг орасида жигарларим ҳам бор эди, дейди хонанда.
Дилноза кечира олиш инсондаги муҳим фазилатлардан бири эканини таъкидлаб, бу борада болалигида эшитган бир гап ҳаётида йўл кўрсатганини айтади: “Олдин раҳматли бувим айтардилар, агар ҳаммани ёмон деяверсанг, атрофингда ҳеч ким қолмайди деб. Чунки биз ҳам идеал эмасмиз. Ҳар кимнинг ўз характери бор. Шундан кейин кечирим сўрашни ва кечиришни ўргандим”.
У ўз соддалиги сабаб кўп алданганини яширмади.
Ҳали ҳам одам ажрата олмайман. Жуда соддаман ва бундан фойдаланганлар кўп бўлган. Шунга қарамай, бу фазилатимдан воз кеча олмадим. Мен ҳеч қачон психологга бормаганман. Чунки уларни эшита олмайман. Ҳаёт менга психолог. 14 ёшимдан буён катта даврадаман. Оқни ҳам, қорани ҳам кўрдим”, дейди у.
Ижодий жараёнларга тўхталар экан, Дилноза Исмияминова коллективда ишлаш осон эмаслигини тан олади. Айтишича, у мустақил ишлашга ўрганган.
Коллективда ижод қила олмайдиган инсонман. Ўзимга хон, ўзимга бекман. Лекин ижод учун, тажриба учун баъзан мослашишга тўғри келади, дейди Дилноза.
Ижодкор инсон ҳар доим эътибор марказида бўлади. Яхши ишлари — мақтов, хатолари эса танқид бўлади. Бироқ айрим танқидлар юракдан ўтади. Хонанда Дилноза Исмияминова шу каби оғриқли ҳолатлардан бирини эслаб ўтди:
Одамлар ҳар доим нимадир деган мен ҳақимда, бундан кейин ҳам дейишади. Бир куни Instagram’да жуда ёмон гап бўлди. Кейин унинг кимлигини билишга қизиқдим ва у менинг дўстим бўлиб чиқди. Мен ҳар куни у билан бирга чой ичганман. У менинг кўзимга тик қаради, аммо мен қаролмадим. Дўстимнинг хиёнатини кечираман, дейди хонанда.
Ижодий илҳом ҳақида гапирар экан, Юлдуз Усмоновани ўзининг мотиватори деб атайди.
Кўп ишлашим керак деб айтаман. Юлдуз Усмоновага ҳавас қиламан, у инсонга тан бераман. У менинг мотиваторим, дейди у.

Бугунги ёш ижодкорлар ҳақидаги фикрларини ҳам очиқ билдириб ўтди:
Ҳозирги ёшлар бирор қўшиқни сал ўзгартириб ёки бузиб айтса ҳам “ковер” дейишади. Бу нормал ҳолат бўлиб қолди. Ёшларнинг дунёқараши бошқача. Яхши ижод қилаётганлар ҳам бор, масалан, Машҳурбекнинг қўшиғи жуда яхши чиқди. У бунга лойиқ эди, дейди санъаткор.
Шахсий ҳаёти ҳақида ҳам очиқ фикр билдирган Дилноза Исмияминова, 16 ёшдан ошган ўғли борлигини айтди.
Фарзандим мени жуда қадрлайди. Доим: “Ўзингизга қараб, чиройли бўлиб юринг”, дейди. Битта ўғли бор оналар қизғанчиқ қайнона бўлади. Насиб бўлса мен ундай қайнона бўлмайман. Фарзандимни ҳаётига аралашмайман, улар бахтли бўлса, мен хурсанд бўламан, дейди Дилноза.
10 йил олдинги Дилнозага кўпроқ туғишини айтган бўлардим. Чунки битта фарзандим бор. Худо хоҳласа ўғлимни фарзандлари кўп бўлсин, дейди у.
Санъатга бўлган иштиёқ унда жуда эрта уйғонган. Дилноза Исмияминова 7-синфдан тўйга чиққанини ва ичида доим олов ёниб турганини айтади.
Дилноза Исмияминова санъатга илк қадам қўйган даврдаги унутилмас бир воқеани шундай эслайди:
Онам мени Туркистон саройи қошида ташкил этилган тўгаракка олиб борди. У гуруҳга асосан бойларнинг боласи қабул қилинар экан. Мен эса оддий оила фарзанди эдим. Ўшанда қўшиқ айтганимда, устоз санъаткорлардан бири “овоз пайчалари касал” деганди. Кейин йиғлаб қайтганман. Онамга ҳали шунақа санъаткор бўламан, сиз мен билан фахрланасиз, деганман, дейди Исмияминова.

Хонанда яқинда янги қўшиғи тақдим этилишини маълум қилди. Унга кўра, ушбу тарона кенг омма эътиборини қозониб, ҳит даражасига чиқишига умид қилмоқда.
Санъаткор муҳаббат ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Одам севгисиз яшай олади — мана мен яшаяпман. Аммо севилиб яшашни хоҳлайман, севиб эмас”.
Хонанда Дилноза Исмияминова тақдиридан тўлиқ мамнун эканини таъкидлади. Айтишича, ҳаётдаги ҳар бир ҳолат: синов ҳам, неъмат ҳам — Яратганнинг иноятидир. У ота-онасининг фарзанди эканидан фахрланади ва Аллоҳ унга ҳеч бўлмаганда бир фарзанд ато этгани учун миннатдор.
Изоҳ (0)