Одатда ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерлар “Блогерлик — касб”, дейди. Instagramʼда 300 мингдан ортиқ кузатувчига эга бўлган Нозанин Ғаффорова ҳам тренд видеолар ҳамда Instagram учун видеоконтентлар яратиб, обуначилари билан бўлишади.

— Ҳозир блогерлик ҳам касбга айланиб бўлган. Мен учун ҳам, бошқа блогерлар учун ҳам бу фаолият — касб. Блогерликнинг ортидан пул топиляпти, нон ейиляпти.
Instagramʼда олдин турли йўналишда ижод қилган бўлсам, ҳозир тамоман бошқа йўналишга ўтганман. Эски, шлягер қўшиқ ва клипларни ўзимнинг талқинимда суратга оляпман. Ўзимнинг жамоам бор, ижодимиз яхши кетяпти, одамлар ҳам тўғри қабул қиляпти. Бу ҳам қайсидир маънода пародия жанри. Мақсад — эски дамларни, 80—90 йилларни одамларнинг ёдига солиш. Мана шундай янги йўналишда ижод қиляпмиз, Худо хоҳласа, давомий бўлади, дейди актриса.

— Мен ўзимни блогер деб ҳисоблайман. Чунки профессионал актриса сифатида ҳали ўзимни кашф қилганим йўқ. Оғиз кўпиртириб актрисаман, деб айтишимга ҳали бор. Блогер сифатида бу соҳани биламан, блогерман, дея оламан. Обуначилар билан қандай гаплашиш, янгиликларни қандай қилиб қизиқ етказиб бера олиш кераклигини биламан. Актрисаликда эса ҳали ўзимнинг қирраларимни очолмадим, дейди Нозанин.
Блогерлар актёрликка даъвогарлик қиляпти, профессионал санъаткорлар эса Instagramʼга тобора кириб бормоқда. Нозанин Ғаффорова бунга қандай фикрда?

— Ҳозир деярли ҳеч ким телевизор кўрмай қўйган, кўрадиганлар ҳам жуда оз. Шу сабабли ҳам актёрлар Instagramʼдаги ижодга кириб кетяпти. Замон талаби шу бўлиб қолгани учун ўзининг касбини Instagramʼга мослаб, даромад топишяпти. Бу, албатта, зўр ва тўғри ҳам. Ҳатто ўзим ҳам қатнашган лойиҳаларимни YouTubeʼдан томоша қиламан, дейди у.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилинг.
Изоҳ (0)