Никарагуа ташқи ишлар вазири Валдрак Женцке Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори Одри Азулега мамлакатнинг ушбу тузилмадан чиқиши ҳақида хабар берди. Бу ҳақда Ouest France нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бунга ЮНЕСКОнинг La Prensa газетасига мукофот топширгани сабаб бўлган.
Маҳаллий El 19 digital порталида эълон қилинган Никарагуа ҳукумати баёнотида мамлакат ташкилотдан чиқиш бўйича ўзининг суверен ва қайтариб бўлмас қарорини маълум қилган, дейилади Женцкенинг баёнотида.
ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, Никарагуа ЮНЕСКОнинг “La Prensa газетасини ноҳақ тарзда тан олиш” ҳаракатларини “номақбул деб ҳисоблайди” ва мамлакат “буни энг қатъий тарзда қоралайди ҳамда рад этади”.
“Бу нашр Никарагуа учун ‘ҳақиқий хоиндир’ чунки у тарих давомида зўравонлик, аралашув, нафрат ва шафқатсизликни қўллаб-қувватлаган оммавий ахборот воситаси сифатида из қолдирган. Шунингдек, Никарагуа ишларига Шимолий Американинг ҳарбий ва сиёсий аралашувини тарғиб қилган”, дейди Валдрак Женцке.
Шунингдек, Республика ТИВ раҳбари ЮНЕСКОни холисликдан йироқ эканликда ва “Никарагуа миллий маданиятининг қадриятлари ва ўзига хослигига тажовуз”, деб баҳоланиши мумкин бўлган ҳаракатларни рағбатлантиришда айблаган.
ЮНЕСКО бош директори Одре Азуле мамлакатнинг бу қарори ҳақида “афсусда” эканини айтиб, бу “Никарагуа халқини ҳамкорлик, айниқса, таълим ва маданият соҳасидаги имтиёзлардан маҳрум қилишини” қўшимча қилган. Азуленинг сўзларига кўра, ташкилот сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича “ўз вазифасини тўлиқ бажармоқда”.
La Prensa газетаси матбуот эркинлиги ишига қўшган ҳиссаси учун тақдирланган. Ouest France нашрининг эслатишича, тўрт йил олдин La Prensa раҳбарияти ё ҳибсга олинган, ё Никарагуадан чиқариб юборилган эди. Ўшандан бери нашр онлайн форматда ишлайди. Таҳририятнинг Коста Рика, Испания, Мексика, Германия ва АҚШда филиаллари жойлашган. Қўшимча қилинишича, ҳозирги вақтда Никарагуа матбуот эркинлиги рейтингида 180 мамлакат ичида 172-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)