Ливан бош вазири Нажиб Микатий Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибафнинг Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича Теҳронда Париж билан музокара олиб боришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотини танқид қилди.
“Биз бу ташаббусдан ҳайратдамиз, бу Ливан ишларига очиқдан очиқ аралашиш ва Ливанни қабул қилиб бўлмайдиган васийлик остига олишга уриниш”, дея норозилик билдирган Микатий.
Бундан ташқари, Микатий Ливан ТИВ раҳбари Абдуллоҳ Ҳабибдан Ғолибафнинг баёнотларини муҳокама қилиш учун Эроннинг Байрутдаги муваққат ишлар вакилини чақиришни сўраган.
Le Figaro нашри хабар берганидек, аввалроқ Ғолибаф Теҳрон Ливанда ўт очишни тўхтатиш мавзусида Франция билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтган эди. Бироқ Ғолибафга яқин манба нашр маълумотларининг тўғрилигини шубҳа остига олган.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён француз ҳамкасби Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатда Парижни Исроилга таъсир ўтказишга чақирган эди.
“Биз Францияни бошқа Европа давлатларини сионистик режимни Ғазо ва Ливандаги геноцид ва жиноятларни тўхтатишга мажбурлаш ҳаракатларига қўшилишга чақирамиз”, деганди Эрон президенти.
Шунингдек, октябрь ойида Макрон давлатлар Ғазода ҳарбий амалиётлар ўтказишда фойдаланиладиган қурол турларини Исроилга беришдан тийилиши кераклигини айтган. Унинг таъкидлашича, Париж энди бундай қуролларни етказиб бермайди.
Сентябрь ойи охиридан бери Исроил Ливан жануби ва Байрутда фаол ҳаво ҳужумларини амалга ошириб, “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасини вайрон қилмоқда. Исроил мудофаа кучлари Ливан жанубидаги чегара ҳудудида чекланган қуруқликдаги рейдларни бошлашини маълум қилган.
Изоҳ (0)