Ўзбекистонда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги муассислигида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилади. Бу ҳақда “Раҳбар кадрларни баҳолаш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгиланди.
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу марказ давлат фуқаролик хизматини салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар билан таъминлашда номзодларнинг билим ва кўникмаларини замонавий технологиялар асосида баҳолаш ҳамда натижаларини таҳлил қилиш, шунингдек, раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан манзилли чоралар кўриш мақсадида ташкил этилади.
Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ижтимоий-психологик тадқиқотлар асосида давлат фуқаролик хизматчилари учун базавий, алоҳида лавозим ёки лавозимлар гуруҳи учун компетенциялар модели ҳамда индикаторларини ишлаб чиқиш;
- давлат фуқаролик хизматчиларини шахсий-профессионал диагностика қилиш, компетенциялар модели асосида комплекс баҳолаш;
- компетенцияларни баҳолаш жараёнида фойдаланиш учун доимий равишда янги услубларни ишлаб чиқиш, ўзлаштириш ва жорий қилиш;
- компетенцияларни баҳолаш натижалари асосида раҳбар кадрлар учун шахсий-профессионал ривожланиш траекториясини ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
- раҳбарлик лавозимига номзодларни умумий касбий билими, қадриятлари ва ақлий салоҳиятини аниқлаш бўйича тест синовларини ҳамда психологик сўровномалар ўтказиш;
- раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни прогноз қилиш, уларни саралаб олиш ва жой-жойига қўйиш жараёнларига рақамли технологияларини ва замонавий усулларни кенг жорий этиш.
Шунингдек, фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича эксперт-таҳлилий фаолият, илмий тадқиқот ва изланишлар олиб боради.
Изоҳ (0)