Самарқанд шаҳар маданият бўлимига санъатшунослик фанлари номзоди, қизиқчи, «Ҳандалак» гуруҳи аъзоси Ортиқ Султонов бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги.
Ортиқ Султонов дастлабки меҳнат фаолиятини Самарқанд мусиқали драма театри актёри сифатида бошлаган. Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ёшлар» телеканали, «Ўзбекистон» телеканалларида режиссёр бўлиб ишлаган.
Ушбу тайинловга қадар эса «Кулги» хусусий театри бадиий раҳбари бўлган.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилоят бўлимига хонанда Отабек Мамазоитов раҳбар этиб тайинланди.
Бундан ташқари, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов томонидан ўтказилган йиғилишда бир нечта ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Аввалроқ Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига директор этиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекжонов, «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига Жамолиддин Узоқов тайинланганлиги ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)