Ўзбекистонда дори таркибли айрим маҳсулотлар биологик фаол қўшимча сифатида рўйхатдан ўтказилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирда дори воситасини рўйхатдан ўтказиш талаблари қийинлашгани сабабли, айрим тадбиркорлар томонидан ушбу таркибли маҳсулотларни биологик фаол қўшимча (БФҚ) ҳамда озиқ-овқат қўшимчалари сифатида рўйхатга ўтказиш ҳолатлари мавжуд. Хусусан, қўмитага келиб тушган мурожаат юзасидан ўрганишлар ўтказилганда шундай ҳолатлар аниқланган.
Жумладан, Jo‘rabek Laboratories МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган “Орса” дори воситаси бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан БФҚ сифатида рўйхатга олингани ва мурожаатдаги барча маҳсулотларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эксперт комиссиясининг тегишли қарорларига мувофиқ, биологик фаол қўшимчасига рухсатномалар берилган.
Ҳолат юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказини жалб этган ҳолда ўрганиш ўтказилганда “Кифти-об Дори Дармон”МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Кифти Орса” номли БФҚ маҳсулоти ҳақиқатан ҳам дори воситаси таркибига мос келиши аниқланган ва маҳсулотни ўрнатилган тартибда дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказиш тавсия этилган.
Бундан ташқари:
- Маlika Laboratories МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Орс”;
- Hvara МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Орси Мах”;
- Vitally ХК томонидан ишлаб чиқарилган “Орсасол” ;
- “Мадина Фарм Мед” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Фита Орса” номли БФҚ маҳсулотлари йўриқномаларида дори воситасига хос бўлган хусусиятлар, яъни турли касалликларни даволаш ва олдини олиш учун қўлланиши хусусида нотўғри маълумотлар келтирилган.
Шундан сўнг ваколатли орган томонидан юқоридаги ишлаб чиқарувчиларга аниқланган барча камчиликлар бартараф этилгунга қадар ишлаб чиқаришни тўхтатиш. БФҚ маҳсулотини барча савдо тармоқларидан қайтариб олиш ва бу ҳақда ваколатли органга ахборот бериш. корхоналар томонидан олинган рухсатномаларни қонунда белгиланган тартибда Санэпидқўмитага қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Юқоридагиларга асосан қўмита томонидан ваколатли органларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқарувчиларга жавобгарлик масаласини кўриш ҳамда ушбу йўналишдаги тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)