Африка қитъасидан ташқарида маймунчечак (Мpox) билан касалланишнинг биринчи ҳолати аниқланди. Касаллик Швецияда қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш агентлиги хабар берди.
“Стокгольмда тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсда clade I вируси (маймунчечак) томонидан чақирилган чечак ташхиси қўйилган”, дейилади агентлик сайтида.
Инфекция хасталикка чалинган шахснинг маймунчечак кенг тарқалган Африкага ташрифида юққани айтилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймунчечак эпидемияси билан боғлиқ фавқулодда ҳолат эълон қилган.
Бунга Африка қитъасининг айрим ҳудудларида маймунчечак билан боғлиқ вазият назоратдан чиқиб кетгани сабаб бўлган. Ҳозирда Марказий Африка бўйлаб бир нечта янги эпидемия ўчоқлари пайдо бўлган. Конго Демократик Республикасида камида 450 киши касалликдан ҳалок бўлган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг айтишича, Африка ва ундан ташқарида эпидемиянинг тарқалиш эҳтимоли “жуда хавотирли”. Зарур чоралар кўрилмаса, маймунчечак Осиё ва Европа жанубига тарқалиши мумкин.
“Ушбу эпидемияни тўхтатиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун мувофиқлаштирилган халқаро жавоб зарур. Инсоният бу эпидемияга жиддий қараши керак”, деган Тедрос Гебрейесус.
Маълумот ўрнида, маймунчечак вируси яқин алоқа, масалан, жинсий яқинлик, терига тегиниш ва ҳаво-томчи усулида юқиши мумкин. Касаллик вируси инсон организмида гриппга ўхшаш симптомларни, терининг шикастланишини келтириб чиқаради. Ҳар 100 нафар бемордан биттасида ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.
Изоҳ (0)