Кўксарой қароргоҳида 18 июль куни Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга ошираётган Қирғизистон президенти Садир Жапаровни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Президент матбуот хизмати хабар қилишича, қароргоҳ олдидаги майдонда давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.
Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.
Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, бизнес ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан фойдаланиш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар, шунингдек, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Қолаверса, бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)