Ўзбекистонда соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш декриминализация қилиниши кўзда тутилган қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Сенатнинг 10 июлдаги ялпи мажлисида “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни жиноий жазо таркибидан чиқариб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказишни, ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонун аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга, мамлакатимизда криминоген вазиятнинг яхшиланишига ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институтининг таъсир этиш доирасини кенгайтиришга хизмат қилади.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини 2024 йилнинг май ойида учинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилганди.
Изоҳ (0)