Президент раислигида бўлиб ўтаётган йиғилишда 10 та олийгоҳда Олий муҳандислик мактаблари очилиши таъкидланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади.
Биринчи йилда талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йилда янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.
Корхоналар Олий муҳандислик мактабида лаборатория очиш ва жиҳозлаш учун маблағ йўналтирса, бу харажатлар корхонанинг фойда солиғи базасидан чегириб ташланади. Давлат ҳам бюджетдан шунча маблағ ажратади.
Президент эндиликда олийгоҳларнинг тажриба ишлаб чиқариш корхоналари мақоми қонун билан мустаҳкамланишини айтди. Уларга IT-парк резидентларига қўлланилаётган имтиёзлар берилади.
Шўба корхонаси ишчиларининг камида 60 фоизи докторант ва талабалардан иборат бўлади. 2025 йилдан техника йўналишидаги лойиҳаларга давлат грантлари 4 карра оширилади.
Корхонага олийгоҳ билан ҳамкор ташкилот ҳам таъсисчи бўлишига рухсат берилади. Вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбари илмий ва ишлаб чиқариш лойиҳалари учун олийгоҳларга 10 миллиард сўмгача буюртмани тўғридан тўғри бериши мумкин бўлади.
Инвестиция лойиҳалари қийматининг камида ярим фоизини илмий ишларга ажратиш тизими жорий қилинади.
Изоҳ (0)