Ҳиндистон пойтахти Нью Деҳлида жазирама иссиқ оқибатида сўнгги 2 кунда 52 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ҳиндистон маҳаллий нашрларига таяниб, Reuters хабар берди.
Манбада айтилишича, сўнгги бир неча кунда пойтахтда мунтазам иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатган. Офтоб уриши ҳамда заҳарланиш оқибатида касалхонага тушганлар сони 3 баробар ошиб кетган.
Сўнгги икки кун ичида камида 52 та жасад касалхоналарга олиб келинган. Уларнинг аксарияти очиқ жойларда яшаган ёки меҳнат қилган камбағал аҳоли вакиллари бўлган.
Ҳиндистонда жорий йилнинг ёзи давомида 40 000 дан ортиқ иссиқ уриши билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. 1 мартдан 18 июнга қадар камида 110 та ўлим ҳолати тасдиқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги федерал ва штат муассасаларига беморларга зудлик билан эътибор қаратишни буюрган. Касалхоналарда қўшимча ўринлар очиш вазифа қилиб белгиланган.
Расмийлар июнь—июль ойларида ҳаво ҳарорати меъёрдан юқори бўлишини прогноз қилган. Пойтахт Деҳлида 19 июнь куни охирги 50 йил ичидаги энг иссиқ тун кузатилган. Минимал ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича 35,2 даражадан пастга тушмаган.
Изоҳ (0)