Украина Давлат чегара хизмати хорижда яшаш учун рухсатномаси бўлган украиналикларни мамлакатдан чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақда Давлат чегара хизмати расмий вакили Андрей Демченко хабар берди.
Илгари хорижда яшаш учун рухсатномаси бўлган шахсларни Украина ҳудудидан чиқишига рухсат бергандик. Энди биз ушбу тоифадаги фуқароларнинг ўтишига йўл қўймаймиз, — деди Демченко.
АҚШнинг Киевдаги элчихонаси ўз веб-сайтида Украина фуқаролиги ҳам бўлган АҚШ фуқароларига хабар эълон қилган. Унга кўра, 1 июндан Украина ҳукумати хорижда яшовчи икки фуқаролиги бўлган шахсларга мамлакат ташқарисига чиқиш рухсатини бекор қилган.
Элчихонанинг қайд этишича, Украина ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар, жумладан, АҚШда яшовчи фуқаролар энди Украинани тарк эта олмайди. Шунингдек, ушбу тоифага кирувчи Украина фуқаролиги бўлган америкаликларга Украинага бормаслик тавсия этилган.
Америка паспортига эга бўлсангиз ҳам, мамлакатдан чиқиб кетишингизга рухсат ололмаслик хавфи жуда юқори, — дейилади элчихона хабарида.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Унга кўра, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча эркаклар ўз маълумотларини ҳудудий чақирув бўлимда (HCҲБ) аниқлаштиришлари, ҳарбий рўйхатга олиш ҳужжатларини HCҲБ ходимлари ёки полицияга тақдим этишлари шарт.
Изоҳ (0)