Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сирдарё вилоятидаги мурувват уйида яшовчи руҳий носоғлом аёл мазах қилингани ҳолати юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, аёлни мазах қилган ходималар ушбу муассасага аутсорсинг асосида хизмат кўрсатадиган тадбиркорлик субъектида ишлаган. Улар муассаса ҳудудида эркин сайр қилиб юрган Й.С.ни шифокор, ҳамшира ва кичик тиббий ходимлар (энага) рухсатисиз ошхона биносига олиб кириб, руҳий ҳолатини била туриб мазах қилишган. Мазкур олинган видеотасвир ошхонада ишловчи ходимларнинг Telegram гуруҳига ташлаган.
Й.С.да ақли заифликнинг оғир даражаси сабабли хулқ-атвор бузилиши билан кечувчи руҳий ҳолат тез-тез кузатилади (яъни доимий равишда яқин қариндошларини эслаб, уйимга жўнатинг ёки чақириб беринг, деб йиғлаш ҳолатлари юзага келади).
17 май куни Сирдарё “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи раҳбари Сирдарё тумани Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, Х.М. ва Ш.О.нинг хатти-ҳаракатига “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг 3 ва 4-моддалари юзасидан қонуний чора кўриш бўйича мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, ходималар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва улар вазифасидан озод этилган. Ҳозирги кунда Сирдарё тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Омбудсман минтақавий вакили Й.С. ва унинг шифокори билан суҳбатлашганда кайфияти ва руҳий ҳолати яхши экани маълум бўлган.
Изоҳ (0)