Қирғизистон пойтахти Бишкекда 2024—2030 йилларга мўлжалланган йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт тирбандлигини камайтириш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда муниципалитет матбуот хизматига таяниб, “Экономист.kg” хабар берди.
Концепция шаҳар ҳокимлигининг “Бишкек шаҳри ҳудудида автомобиль транспорти инфратузилмасини ривожлантириш ва автотранспорт тирбандлигини камайтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори шаклида тасдиқланган. Ушбу концепцияни амалга ошириш доирасида Бишкек шаҳрида йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган, хусусан:
- йўл ва кўприк қурилиши;
- йўл инфратузилмасини модернизация қилиш;
- автомобиль йўлларида велосипед йўлакларини ташкил этиш;
- тўхташ жойини тартибга солиш ва бошқа чора-тадбирлар.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, асосий вазифа тирбандликни камайтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдан иборат тизимни жорий этишдан иборат. Шунингдек, Бишкек шаҳрида ер усти жамоат транспортининг асосий шаҳарлараро ва вилоятлараро йўналишлари кесишган ҳудудда камида иккита қулай ва замонавий транспорт айирбошлаш узелларини ташкил этиш режалаштирилган.
2024—2030 йилларга мўлжалланган концепцияни амалга ошириш натижасида шаҳар марказида ҳаракатланувчи енгил автомобиллар сонини 20 фоизгача қисқартириш, тирбандликни 30 фоизга камайтириш, автобусларнинг мунтазам қатновига эришиш ва ҳаракат интервалларини 80 фоизгача қисқартириш, шаҳар аҳолисининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60-70 фоизга етказиш ҳамда жамоат транспортининг атроф-муҳитга салбий таъсирини 50 фоизга камайтиришга эришиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)