Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари сел билан боғлиқ вазият туфайли аҳоли пунктларидан 11 мингдан ортиқ одамни эвакуация қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.
“Фавқулодда вазият зоналаридан жами 11 306 киши эвакуация қилинди, 5 456 киши вақтинчалик жойлаштириш марказларида бўлиб турибди”, — дейилади хабарда.
Сув ювиб кетган йўллар, кўприк ва аҳоли пунктларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Транспорт алоқаси бўлмаган аҳоли пунктлари билан алоқа ўрнатилди, ҳокимликлар томонидан зарур озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари тақдим қилинди. Фавқулодда вазиятлар зоналарида аҳолига тун-у кун ёрдам кўрсатилмоқда. Ишга 2 мингдан ортиқ техника, жумладан, сув насослари, қайиқлар ва самолётлар жалб қилинган”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Айни пайтда бир қатор сув омборлари транзит режимида ишламоқда, фаол сув чиқариш ишлари олиб борилмоқда.
Сув тошқинлари оқибатида вайрон бўлган уй-жойларни тиклаш ва қуриш учун ҳукумат ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг захираларидан маблағлар ажратилади.
“Ҳозирдан табиий офат етказган зарар миқдорини аниқлашни бошлаш ва жабрланганларга зудлик билан моддий ёрдам кўрсатишни, шунингдек, келажакда бундай йирик сув тошқинларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур”, — деди бош вазир Олжас Бектенов.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ақтўбе, Кўстанай, Ғарбий Қозоғистон, Абай, Улитау ва Ақмола вилоятларининг бир қанча ҳудудларида кенг кўламли сув тошқинлари туфайли фавқулодда вазиятлар эълон қилинган.
Изоҳ (0)