Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида Гужарат университети ётоқхонасида намоз ўқигани учун Ўзбекистон, Бангладеш ва Афғонистон талабалари ҳужумга учради. Бу ҳақда маҳаллий полиция маълумотларига таяниб, The New Indian Express хабар берди.
“Ҳодиса 16 март куни соат 22:50 атрофида Гужарат университетининг (ҳукумат тасарруфидаги) ётоқхонасида юз берган. Йигирмага яқин одам бостириб кириб, хорижлик талабаларнинг муассасада намоз ўқишига эътироз билдирган”, — деди полиция комиссари Малик.
Ҳужум акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Айрим талабалар жароҳат олган ва ҳозирда касалхонага ётқизилган. Талабалар Аҳмадобод шаҳарчасида масжид йўқлиги сабабли Рамазон ойида таровиҳ намозини ўқиш учун ётоқхона ичида йиғилган.
Афғонистонлик талаба номаълум шахслар ётоқхонада уларнинг намоз ўқиш ҳуқуқини шубҳа остига қўйганини, полиция воқеа жойига етиб келган бўлса-да, оломонни қочиб кетишга имкон берганини айтган.
“Улар ҳатто хоналаримизда ҳам бизга ҳужум қилди, ноутбуклар, телефонлар ва мотоциклларимизга зарар етказишди”, — дейди у.
Талаба жароҳатланган беш киши орасида Афғонистондан бир, Шри-Ланкадан бир, Туркманистондан бир ва Африка давлатларидан икки фуқаро борлигини айтган. Ётоқхона қўриқчисининг аралашишга уринишларига қарамай, номаълум шахслар ҳужумни амалга оширишга муваффақ бўлган.
“Биз бу ерда хавфсиз эмасмиз. Гужарат университетидан бизни хавфсиз жойга кўчиришни сўраймиз”, — дейди афғон талабаси.
“Гужарат университетида 300 га яқин халқаро талабалар, жумладан Афғонистон, Тожикистон, Шри-Ланка ва Африка давлатларидан таҳсил олмоқда”, — дейди Малик.
Хорижий талабаларнинг 75 га яқини воқеа содир бўлган университетнинг А-блок ётоқхонасида истиқомат қилади.
“20-25 нафарга яқин киши ётоқхонага кириб, хорижлик талабаларнинг у ерда намоз ўқишига эътироз билдирган ва улардан масжидда намоз ўқишни сўраган. Бунинг устида жанжал келиб чиққан, хорижлик талабаларга ҳужум қилиб, тош отишган”, — дея қўшимча қилди Малик.
Полиция ходимига кўра, икки талаба — бири Шри-Ланкадан, иккинчиси Тожикистондан касалхонага ётқизилган.
“20-25 киши тез орада ҳибсга олинади”, — деди Малик ва вазият назорат остида эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, теров ўтказиш учун жиноий бўлим ва полиция ходимлари иштирокида тўққизта гуруҳ тузилган. Гужарат ички ишлар вазири Харш Сангави Гужарат ҳуқуқ-тартибот идораларига жиноятчиларни зудлик билан қўлга олиш ва чуқур тергов ўтказилишини таъминлашни буюрган.
Изоҳ (0)