Президентнинг “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”га қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қарорга кўра, сессиянинг Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг аҳамияти ҳақида юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратилиб, улар маҳаллий ва хорижий ОАВларда эфирга бериб борилади.
Шунингдек, сессиянинг “Самарқанд – жаҳон тамаддунлари чорраҳасида” китоб-альбоми ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этилади. Бундан ташқари, почта маркалари ва конвертлар туркуми яратилади, тақвимлар ва кўргазмали тарғибот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин тангалар муомалага чиқарилади.
Сессия Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида ўтказилади. Бундан ташқари, ЮНЕСКО мезонлари асосида ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўли давлат музейи ташкил этилади. Шу билан бирга, Амир Темур боғлари қайта тикланади, Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади.
Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий марказини муҳофаза қилишга қаратилган унинг мастер ва менежмент режаларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли қарорлар лойиҳалари белгиланган тартибда киритилади.
Изоҳ (0)