Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида экологик вазиятни яхшилашга доир қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Мажлисда қайд этилишича, Ўзбекистонда қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш учун қонунларда атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларнинг фаолиятини махсус ваколатли давлат органларининг қарорига кўра чеклаш ёки тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилган.
Шу билан бирга қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш учун асос бўлган ноаниқ таърифларнинг мавжудлиги давлат органларининг дискрецион ваколатлари кенглиги билан боғлиқ коррупция ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Сенат маъқуллаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларга давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларни, биринчи навбатда, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш заруратини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар фикрича, ушбу қонун экологик вазиятни яхшилашга, аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишга, шунингдек, коррупция омилларини бартараф этишга ҳамда ваколатли давлат органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)