Ўзбекистонда микрофирмалар ва кичик корхоналарга Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, президентнинг “2024 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан 2024 йил 1 январдан 2025 йил 1 январга қадар микрофирма ва кичик корхоналар томонидан яратилган ҳар бир янги иш ўрни учун ойлик иш ҳақи бўйича тўланган ЖШОДСнинг 50 фоизи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 баробаридан (680 000 сўм) ошмаган миқдорда) қайтариб берилади.
Бундан ташқари, ушбу иш берувчиларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланади. Солиқ имтиёзларини қўллашнинг мажбурий шартлари:
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилиш;
- ушбу фуқароларга ҳар ой учун МҲТЭКМнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган (1 050 000 сўм) иш ҳақи ҳисоблаш.
Изоҳ (0)