Германия мудофаа вазири Борис Писториус Россиянинг НАТО давлатига ҳужуми беш-саккиз йил ичида амалга ошиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
“Биз деярли ҳар куни Кремлдан таҳдидларни эшитамиз — бу сўнгги вақтларда яна Болтиқбўйи мамлакатларидаги дўстларимизга қаратилган. Шунинг учун Владимир Путин кун келиб НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилиши мумкинлигини ҳисобга олишимиз керак. Мутахассисларимиз буни беш-саккиз йил ичида амалга ошириш мумкинлигини тахмин қилмоқда”, — деди Германия мудофаа вазири.
Борис Писториус ҳозир ҳужум эҳтимоли борлигига ишонмаслигини таъкидлади. У мудофаа саноатини кучайтириш орқали эҳтиёт чораларини олдиндан кўришга чақирди. Қолаверса, у мажбурий ҳарбий хизматни жорий этиш ғоясини илгари сурган ва апрель ойига қадар вазирликдан тегишли таклифни кутмоқда.
Вазир немис паспорти бўлмаган аскарлар учун қуролли кучларга кириш имкониятини очишга тайёрлигини айтди.
“Биз Европада буни амалга оширган биринчи ҳарбий куч бўлмаймиз. Мамлакатда Германияда иккинчи ёки учинчи авлодда яшайдиган, аммо ҳали Германия фуқаролигига эга бўлмаган одамлар бор”, — деди Писториус.
Изоҳ (0)