Тошкент шаҳрида 27 декабрь куни бемор болаларга кўмак берувчи “Сен кучлисан” хайрия акциясида онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар томонидан чизилган суратлар сотувга қўйилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Мазкур лойиҳа орқали болалар ва уларнинг яқинларига моддий ҳамда маънавий кўмак бериш мақсад қилинган. Унда хайрия қилмоқчи бўлган шахс кўргазмага қўйилган бирор расмни исталган нархга сотиб олиши ёки аукционда қатнашиб сурат харид қилиши мумкин.
Мазкур хайрия акциясининг навбатдаги тадбирини ўтказиш Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ташаббуси билан амалга оширилди. Тадбирда “Вақф” жамғармаси вакиллари ва вазирлик томонидан болаларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда ёш рассомлар бир саф бўлиб, бевосита иштирок этишди ва сотилган суратлар пуллари шу вақтнинг ўзида уларга топширилди.
Аукциондаги асосий лот бўлган “Умид” номли сурат юқори баҳоланди. Ўзини таништирмаган ва телефон орқали аукционда қатнашган харидор билан тадбирда иштирок этган савобталаб инсон ўртасида кучли кураш кетди. 1 миллион сўмдан бошланган кимошди савдоси 21 миллион сўмга етганда тўхтатилди ва залдаги Бобур Раҳимов исмли йигит уни харид қилди.
Сирли харидор ҳам ҳаммани ҳайратда қолдирди — 21 миллион таклиф қилинганини эшитиб, у ҳам шунча миқдорда хайрия қилишини билдирди.
Тадбир ташкилотчиларининг “Дарё”га маълум қилишича, “Умид” номли суратни сотиб олган шахс 21 миллион сўмни тўлаб, расмни хайрия ташкилотчиларига қайтариб берган.
“Умид”нинг тарихи
“Умид” номли бу суратда оққонга чалинган 12 нафар боланинг қўл излари туширилган. Афсуски бу болаларнинг 11 нафари оламдан ўтган.
Изоҳ (0)