Тошкент ва Самарқанд вилоятларида электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тойлоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Н.Й.” МФЙ ҳудудида фаолият юритувчи балиқхонада ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 199,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Андижон ва Олмалиқ шаҳар бўлимлари томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда “Й.Ш.” МЧЖ масъул шахслари “Х.” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг сув насоси ва ёритгичларини, Олмалиқ шаҳрида эса “Й.Б.” МФЙ ва “А.” ширкати масъул шахслари сув насосни ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига улаб, жами 113,7 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда декабрь ойининг 15 кунида айрим истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиши натижасида давлат манфаатларига 73 миллиард 274 миллион сўмлик зарар етказилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)