Америка Қўшма Штатлари Яқин Шарқда адолатли тартиб ўрнатиш учун тарих олдида масъул. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон айтиб ўтди.
“Адолатли дунё қуриш учун қадамлар қўйилиши керак. Қўшма Штатлар бу борада тарихий масъулиятга эга деб ҳисоблайман. Бу масъулият Исроилни ваҳшийликларидан қайтариш ва Ғазо секторидаги қирғинни тўхтатишдир. Бироқ ҳозирча АҚШ Исроилни тўхтатиш у ёқда турсин, аксинча рағбатлантириб келмоқда.
АҚШ кўмагини олаётган Исроил на халқаро ҳуқуқни, на инсон ҳуқуқларини тан оляпти. Улар АҚШ барибир мени ҳимоя қилади, деган тамойил асосида ҳаракат қилмоқда”, — дея Эрдўғоннинг сўзларидан иқтибос келтирди Anadolu агентлиги.
Туркия раҳбари яқинда АҚШ президенти Жо Байден билан суҳбатда “АҚШнинг тарихий масъулиятини эслатганини” қўшимча қилди.
“Мен уларни Исроилни тўхтатиш керак, деган позицияни эгаллашга чақирдим. БМТ бир неча ҳафтадан бери бас қилинг, демоқда. Бу ҳақда Оқ уй олдида ва ҳатто АҚШ Конгрессида гапиришмоқда. Америка Қўшма Штатлари бу чақириқларга бепарволикни тўхтатиши керак”, — деди Эрдўғон.
Изоҳ (0)